Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 20-сессиясида Қорақалпоғистоннинг икки бетакрор қадрияти — қўбиз ва ўтов ЮНЕСКОнинг Номоддий маданий мерос рўйхатига расман киритилди.
Бу эътироф маҳаллий анъаналаримизнинг чуқур илдизлари, маданий меросимизнинг қудрати ҳамда авлодлар ўртасидаги узвий боғлиқликни яна бир бор тасдиқлайди. Мазкур жараёнда ўз ҳиссасини қўшган усталар, тадқиқотчилар ва анъаналаримиз ҳимоячиларига миннатдорлик билдирилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қўбиз санъати ва ўтов ясаш анъаналари нафақат Қорақалпоғистон, балки бутун Ўзбекистон маданий ўзлигининг ажралмас қисми бўлиб, уларни халқаро миқёсда эътироф этилиши миллий меросимизни янада кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.






