“Хавфсиз ва соғлом юрт” тадбири доирасида Андижонда ўтказилган тезкор рейдда “Лаcетти” автомобилидан контрабанда йўли билан олиб кирилган гиёҳвандлик воситаси топилди. Ҳодиса юзасидан икки шахс ҳибсга олинган.
Андижон вилояти Бўстон туманидаги ЙПХ масканида ДХХ ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Андижон–Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Лаcетти” тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Текширув давомида машинани бошқараётган, 1984 йилда туғилган Ж.Р.га тегишли 2 кг 994 грамм “гашиш” борлиги аниқланди ва процессуал тартибда расмийлаштирилди.
Рейд давом эттирилиб, унинг жиноий шериги сифатида гумонланган, 1993 йилда туғилган Ғ.Н. ҳам қўлга олинди. Маълум бўлишича, улар гиёҳвандлик воситасини Қирғизистондаги сотувчилардан 23 минг долларга сотиб олиб, контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб кирган ва Тошкентда сотмоқчи бўлган.
Ҳодиса юзасидан ЖКнинг 28,246-модда 2-қисми ҳамда 25,273-модда 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Айбланувчиларга “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






