Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Парагвай Республикаси Президенти Сантяго Пеня расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар.
Ўзбекистон билан Парагвай ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон етакчиси Парагвай раҳбарини самимий қутлар экан, Лотин Америкаси давлати Президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши таъкидланди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.
Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар.






