Жорий йилнинг 20 декабрь куни Тошкент шаҳрида Lacetti ва Nexia-3 русумли автомашиналар иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Мазкур ҳодиса оқибатида бир нафар йўловчи вафот этган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси Яшнобод туманида тахминан соат 03:45 атрофида юз берган. Дастлабки маълумотларга кўра, Lacetti русумли автомашина 21 ёшли ҳайдовчи томонидан бошқарилган бўлиб, у бошқарувни йўқотиши натижасида қарама-қарши ҳаракат йўлагига чиқиб кетган ва 47 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги Nexia-3 автомобили билан тўқнашган.
Тўқнашув оқибатида Nexia-3 автомашинасида бўлган йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Ҳар икки транспорт воситаси ҳайдовчиларига тиббий ёрдам кўрсатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси — “Йўл ҳаракати хавфсизлиги ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш” билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.






