Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилган қарор лойиҳасига кўра, Самарқанд шаҳри ҳудуди кенгайтирилиб, Самарқанд тумани тугатилади. Мазкур ўзгаришлар Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ҳамда Самарқанд шаҳри чегараларини қайта белгилашни ҳам назарда тутади.
Қайд этилишича, ушбу қарор Самарқандни “миллионли шаҳар”га айлантириш, замонавий турар-жой ва нотурар бинолар қуриш, аҳолини уй-жой билан тўлиқ таъминлаш ҳамда инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган.
Чегаралар ўзгартирилиши натижасида Самарқанд шаҳри майдони 11,8 минг гектардан 28,9 минг гектаргача кенгаяди. Бу эса янги инвестиция ва қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, туристик мажмуалар, кўнгилочар масканлар, яшил ҳудудлар, хизмат кўрсатиш объектлари ва логистика марказларини барпо этиш учун имконият яратади.






