АсосийСиёсат

Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш 11 миллион тоннага етказилади

Президент Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболдаги режалар тақдимоти билан танишди.

'Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш 11 миллион тоннага етказилади'ning rasmi

Янги конларни ўзлаштириш ва йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш орқали ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш режалаштирилмоқда.

2 февраль куни давлат раҳбарига кўмир ва уран тармоқларида олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди. Қайд этилишича, 2025–2026-йилги куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, ҳозирга қадар 9 миллион тонна ишлаб чиқарилган. Келгуси мавсумда бу кўрсаткични 11 миллион тоннага етказиш вазифаси қўйилди.

Ангрендаги Нишбош конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасида 2026 йилда 1 миллион тонна кўмир қазиб олиш, келгусида эса йиллик қувватни 10 миллион тоннага чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, кўмирни чуқур қайта ишлаш орқали полимер маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган 5 миллиард долларлик лойиҳа муҳокама қилинди.

Уран саноатига келганда, ўтган йили 7 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар 139 минг тоннага етди. Жорий йилда бир қатор янги конларни ўзлаштириш бошланади. Президент лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва иқтисодий самарадорликни кучайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар