Қашқадарё вилоятида коррупция билан боғлиқ ҳолат фош этилди. Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ИИБ ходими пора олишда қўлга олинди.
Маълум бўлишича, Деҳқонобод туманида яшовчи 1983 йилда туғилган аёл ва унинг 2009 йилда туғилган қизи телефонларида диний мазмундаги тақиқланган материаллар аниқлангани юзасидан вилоят ИИБ томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Шундан сўнг, мазкур ишни танишлари орқали уларнинг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилган 1978 йилда туғилган шахс аёлдан 3 миллион сўм олган вақтида ушланган.
Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу масалани ижобий ҳал қилиб бериш эвазига воситачидан 2,5 миллион сўм олган вақтида Қашқадарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати тезкор вакили ҳам ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда ИИБ ходимига нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси — пора олиш, воситачилик қилган шахсга нисбатан эса 212-модда — пора олиш-беришда воситачилик қилиш билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда идоранинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Шахс сир сақланиши кафолатланиши таъкидланган.






