Бир қатор хорижий ОАВ, жумладан Middle East Eye ва бошқа манбаларга таяниб хабар беришича, АҚШ ва Исроил Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди мажмуаси устидан Иорданиянинг тарихий васийлик ҳуқуқини ўзгартириш ёки қайта кўриб чиқиш масаласини муҳокама қилаётган бўлиши мумкин.
Хабарларда айтилишича, ҳозирги Ислом вақфи бошқаруви ўрнига янги тизим жорий этилиши эҳтимоли бор. Унга кўра, Ал-Ақсо “кўп динли марказ”га айлантирилиб, яҳудийлар учун кенгроқ кириш ва ҳатто жамоавий ибодат имконияти берилиши мумкинлиги тилга олинмоқда.
Шунингдек, айрим манбалар янги тузилма доирасида имом ва хатибларни тайинлаш ҳамда жума хутбалари мазмунини келишиш каби масалаларда ўзгариш бўлиши мумкинлигини иддао қилган.
ОАВ хабарларига кўра, бу ташаббус АҚШнинг айрим сиёсий доиралари билан боғлиқ шахслар, жумладан Жаред Кушнер ва АҚШнинг Исроилдаги элчиси Майк Хакаби номи билан ҳам тилга олинмоқда. Режа доирасида айрим араб давлатларига мажмуани навбатма-навбат бошқариш варианти ҳам муҳокама қилингани айтилади.
Бироқ Иордания расмийлари бу иддаоларни рад этиб, Қуддус бўйича васийлик ҳуқуқи халқаро келишувлар билан мустаҳкамланганини ва ўзгармаслигини таъкидлаган.






