Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Ургут туманида туғилган В.А. Нидерландияда қурилиш соҳасида ишлаб юрган вақтида ўткир тиш инфекциясига чалинган. У ўз вақтида малакали тиббий ёрдамга мурожаат қилмагани оқибатида оғир яллиғланиш юзага келиб, соғлиғида жиддий асоратлар пайдо бўлган.
Фуқаро Брюссель шаҳри орқали Ўзбекистонга қайтиш вақтида унинг аҳволи кескин ёмонлашган. Шундан сўнг у зудлик билан Брюсселдаги Сент-Люк университет клиникасига ётқизилган. Шифокорлар бемор аҳволини ўта оғир деб баҳолаган.
Клиника мутахассислари томонидан икки марта мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Бемор узоқ вақт сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ҳолда жонлантириш бўлимида ётган.
Хабарга кўра, фуқаро шифохонага ётқизилган пайтдан бошлаб Ўзбекистон элчихонаси ходимлари шифокорлар, клиника маъмурияти ва бемор қариндошлари билан доимий алоқада бўлган. Элчихона томонидан зарур консуллик ва ташкилий ишлар амалга оширилган.
“Белгия шифокорлари ва ўзбек дипломатларининг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди”, дейилади хабарда.
Айни пайтда В.А. Ўзбекистонда бўлиб, оиласи бағрида даволаниш ва соғлиғини тиклашни давом эттирмоқда.






