Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Байден Адлия вазирлигига қарши даъво аризаси киритган. Унда 2016-2017 йилларда мемуар муаллифи билан ўтказилган суҳбатлар аудиоёзувларини Конгрессдаги республикачилар назоратидаги Вакиллар палатаси Юридик қўмитасига беришни муддатсиз тақиқлаш талаб қилинган.
Собиқ президентнинг айтишича, ушбу суҳбатларда жуда шахсий ва нозик мавзулар муҳокама қилинган. Жумладан, 2015 йилда онкологик касаллик сабаб вафот этган ўғли Бо Байден ҳақидаги хотиралар ҳам қайд этилган.
“Даъвогар Жозеф Байден суддан Адлия вазирлиги томонидан материалларни қўмитага тақдим этилишини чеклашни сўрайди”, дейилади ҳужжатда.
Аудиоёзувлар 2023 йилда Байденнинг махфий ҳужжатлар билан муомаласи юзасидан ўтказилган тергов вақтида қўлга киритилган. Ўшанда Адлия вазирлиги жиноий иш қўзғатиш учун асос йўқ деган хулосага келган эди.
Байден мазкур материаллар эълон қилиниши унинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини бузишини таъкидлаган. Даъво аризасида қайд этилишича, аввалроқ Адлия вазирлиги ҳам худди шундай позицияда бўлган, аммо Дональд Трамп ҳокимиятга қайтгач, қарор ўзгарган.
Маълум бўлишича, вазирлик аудиоёзувлар ва уларнинг стенограммаларини 15 июнь куни қонун чиқарувчиларга тақдим этишни режалаштирмоқда.
Амалдаги Президент Дональд Трамп эса Байденнинг ушбу қарорига танқидий муносабат билдирди. У “Truth Social” ижтимоий тармоғида Байденни “инсофсиз сиёсатчи” деб атади.






