Европа Иттифоқи Хитойнинг машҳур онлайн савдо платформаси — Temu’ни 200 миллион евро миқдорида жаримага тортди. Европа комиссияси маълумотига кўра, платформа орқали хавфли болалар ўйинчоқлари, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган зарядловчи қурилмалар ва бошқа ноқонуний маҳсулотлар сотилган.
Қайд этилишича, компания сотувга қўйилган товарлар билан боғлиқ хавфларни аниқлаш ва баҳолаш бўйича етарли назорат тизимини йўлга қўя олмаган. Шунингдек, истеъмолчилар хавфсизлигига таҳдид солувчи маҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўрилмагани таъкидланган.
Temu фаолияти бўйича расмий текширув 2024 йил октябрида бошланган. Текширув давомида мутахассислар томонидан амалга оширилган назорат харидлари натижасида айрим зарядловчи қурилмалар электр хавфсизлиги бўйича талабларга жавоб бермагани, баъзи болалар ўйинчоқларида эса меъёрдан юқори миқдорда хавфли кимёвий моддалар аниқланган.
Маълум қилинишича, компания 28 августга қадар аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича режани Европа комиссиясига тақдим этиши лозим. Акс ҳолда қўшимча чоралар қўлланилиши мумкин.
Temu эса қарорга норозилик билдириб, жарима миқдорини асоссиз деб ҳисоблаётгани ва ўз позициясини ҳуқуқий йўл билан ҳимоя қилишини маълум қилди.






