Наманган вилоятининг Поп туманидаги дам олиш масканида 23 ёшли йигит сувга чўкиб кетди. Ҳозирда уни қидириб топиш ишлари олиб борилмоқда, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов.
Маълум қилинишича, ҳодиса 28 май куни содир бўлган. 23 ёшли йигит қариндошлари билан бирга Поп туманида жойлашган дам олиш масканига келган ва у ердан оқиб ўтувчи “Чодаксой” сойига чўмилиш учун тушган.
Дастлабки маълумотларга кўра, йигит эҳтиётсизлиги оқибатида сувда чўкиб кетган ва қайта сув юзасига чиқмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Поп тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. “Текширув доирасида туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг қутқарувчилари жалб этилган ҳолда сувга чўкиб кетган йигитни қидириб топиш ишлари амалга оширилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ижтимоий тармоқларда йигитни қидириш ишлари суст олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Наманган вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мазкур маълумотларга муносабат билдириб, қидирув ишлари узлуксиз давом этаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, қидирув тадбирлари вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акмалжон Ўринбоев раҳбарлигида ташкил этилган.
Ҳозирда туман ёнғин-қутқарувчилари томонидан сув устида, бошқарманинг қутқарув отряди ходимлари томонидан эса сув остида қидирув ишлари олиб борилмоқда.






