Ўзбекистонда жорий йилнинг май ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 203 та ҳолат аниқланди. Бу ҳақда Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Маълум қилинишича, назорат тадбирлари давомида истеъмолчилар томонидан 31,8 миллион киловатт-соат электр энергияси ҳамда 6,3 миллион куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур қоидабузарликлар оқибатида 51,1 миллиард сўмлик электр энергияси ва 19,5 миллиард сўмлик табиий газ талон-торож қилинган. Жами зарар миқдори 70,6 миллиард сўм этиб қайта ҳисобланган.
Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 507 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Ўзэнергоинспекция энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича назорат тадбирлари давом эттирилаётганини маълум қилди.






