Тошкентда автобус ва “BYD” иштирокидаги ЙТҲ юзасидан расмий маълумот берилди
Тошкент шаҳри Миробод туманида автобус ва BYD русумли енгил автомобиль иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан расмий маълумот эълон қилинди.
“Тошшаҳартрансхизмат” АЖ Ахборот хизматига кўра, ҳодиса бугун, 2 июнь куни соат 15:28 ларда содир бўлган. “2-Автобус саройи” филиали тасарруфида бўлган, 16-йўналишда ҳаракатланувчи “Yutong” русумли автобус ҳайдовчиси К.Д. Миробод туманидаги Нукус кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган.
Қайд этилишича, автобус “Нукус” ва Тарас Шевченко кўчалари кесишмасида чап томонга бурилаётган вақтда қарши йўналишдан келаётган “BYD” русумли автомобиль билан тўқнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, BYD ҳайдовчиси чорраҳада светофорнинг тақиқловчи қизил чироғига бўйсунмасдан ҳаракатлангани оқибатида ЙТҲ содир бўлган.
Ҳодиса оқибатида автобус ҳайдовчиси ҳамда “BYD” ҳайдовчиси тез тиббий ёрдам ходимлари кузатувида Республика 1-сонли клиник шифохонасига олиб кетилган.
Мазкур ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан белгиланган тартибда расмийлаштирилган.






