Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида фаолият юритувчи корхоналар томонидан юқори ликвидли маҳсулотларни белгиланган тартибда биржа савдоларига чиқармасдан сотиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, ўтказилган ўрганишлар давомида «Рақобат тўғрисида»ги Қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 170-сон қарори талаблари бузилган ҳолатлар фош этилган.
Жумладан, Қашқадарё вилоятидаги «Косон ёғ комбинати» масъулияти чекланган жамияти томонидан биржа орқали сотилиши лозим бўлган ўсимлик ёғи, пахта шелухаси ва пахта шроти 7 та ҳолатда тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотилган. Натижада корхона 91 миллион сўмдан ортиқ даромад олган. Ушбу ҳолат юзасидан иш қўзғатилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш бўйича кўрсатма берилган.
Наманган вилоятидаги «Поп цемент» масъулияти чекланган жамияти эса 2026 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқарилган цемент маҳсулотининг камида ярмини биржа орқали сотиш талабига риоя қилмаган. Корхона 4,3 минг тоннадан зиёд цементни 2,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағга тўғридан-тўғри шартномалар асосида реализация қилгани аниқланган. Мазкур ҳолат бўйича молиявий жарима қўлланилган.
Самарқанд вилоятидаги «Ҳумо Агро Платинум» ва «Зомин Ишонч» масъулияти чекланган жамиятлари томонидан жамғарма орқали биржадан харид қилинган буғдойни қайта ишлаш натижасида олинган ун маҳсулотлари белгиланган муддат ва ҳажмларда биржа савдоларига чиқарилмагани маълум бўлган. Корхоналарга нисбатан тегишли ишлар қўзғатилган.
Сурхондарё вилоятидаги «Сурхондарёдонмаҳсулотлари» акциядорлик жамияти ҳам қонун талабларини бузган корхоналар қаторида қайд этилган. Аниқланишича, жамғарма орқали харид қилинган 485 тонна учинчи синф буғдойдан ишлаб чиқарилиши лозим бўлган 364 тонна ун биржага қўйилмаган. Бундан ташқари, 375 тонна биринчи навли ун тўғридан-тўғри экспорт шартномаси асосида 1,2 миллиард сўмдан ортиқ маблағга сотилган. Корхонага нисбатан молиявий чоралар қўллаш бўйича қарор қабул қилинган.
Тошкент шаҳрида жойлашган «Шавкат Бизнес Агро», «Экспорт Голд Агро» ва «Флоур Осиё» масъулияти чекланган жамиятлари фаолиятида ҳам қонунбузилиш аломатлари аниқланган. Қўмита маълумотига кўра, мазкур субъектлар жамғарма орқали биржадан харид қилинган буғдойни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни биржага чиқармасдан сотган бўлиши мумкин. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан ишлар кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, Тошкент вилоятидаги «Ўзбеккўмир» акциядорлик жамияти томонидан 2026 йил апрель ойида биржа савдоларига чиқарилиши лозим бўлган кўмир маҳсулотлари тасдиқланган графикда белгиланган муддат ва ҳажмларда жойлаштирилмагани аниқланган. Қўмитага кўра, бу ҳолат бозорда манипуляция аломатларини келтириб чиқарган ва натижада 4,3 миллиард сўмдан зиёд маҳсулот реализация қилинган.
Маълум қилинишича, барча ҳолатлар юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.






