2 март куни ҳарбий кескинлашув бошланганидан буён Ливанда Исроил томонидан амалга оширилаётган ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3593 кишига етди, 10 990 киши эса турли даражада жароҳат олган.
Бу ҳақда Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда маълум қилди.
Вазирликнинг хабар беришича, шанба куни Исроил ҳаво кучларининг мамлакат жанубидаги Набатия вилояти ҳамда Ғарбий Бекаа минтақасига уюштирган ҳужумлари оқибатида сўнгги 24 соат ичида 35 киши ҳалок бўлган, 120 киши жароҳатланган.
Таъкидланишича, эълон қилинган сулҳ мавжуд бўлишига қарамасдан, аҳоли яшаш пунктларига ҳаво зарбалари давом этмоқда. Шу боис, расмийлар қурбонлар ва жабрланганлар сони кун якунида яна ортиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
Ливан ҳукумати вазиятни назорат қилиш қийинлашиб бораётганини таъкидлаб, тиббий хизматлар ва қутқарув гуруҳлари юқори тайёргарлик ҳолатида иш олиб бораётганини билдирган. Ҳудудларда вайронгарчиликлар ортиб бораётгани, айрим аҳоли пунктларида инфратузилмага жиддий зарар етгани ҳам қайд этилмоқда.






