Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида профилактика инспекторининг сергаклиги туфайли гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланди.
Вилоят ИИБ Ахборот хизмати маълум қилишича, туманнинг "Ўзбекистон" маҳалласи ҳудудида хизмат олиб бораётган профилактика инспектори, капитан Баҳриддин Юлдошев бемақсад юрган шубҳали шахсга эътибор қаратган.
Маҳалла аҳолисини яхши танийдиган инспектор мазкур фуқаро билан суҳбатлашишга уринган. Бироқ сархуш ҳолатда бўлган шахс ички ишлар ходимининг қонуний талабларига бўйсунмай, воқеа жойидан қочишга ҳаракат қилган.
Шундан сўнг Навбаҳор тумани ИИБнинг тезкор-тергов гуруҳи жалб қилиниб, фуқаронинг шахсига аниқлик киритилган. Унинг ёни кўздан кечирилганда, қоғозга ўралган, тахминан 7 грамм оғирликдаги марихуанага ўхшаш гиёҳвандлик моддаси топилган.
Тезкор тадбирлар давомида ушбу шахснинг яшаш хонадони ҳам ўрганилган. Маълум бўлишича, у томорқа ҳудудида яширин равишда заҳриқотил ўсимлигини етиштириб келган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мазкур ноқонуний фаолиятга чек қўйилган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






