Сурхондарё вилояти Денов туманида ички ишлар органлари ходими вояга етмаган қизнинг номусига тегишда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда 7 июнь куни вилоят прокуратураси хабар берди.
Маълум қилинишича, Денов тумани Ички ишлар бўлими Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимида фаолият юритган А.Р.га нисбатан жиноят иши тергови якунланган.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш), 129-моддаси 3-қисми (зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) ҳамда 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айблов хулосаси тузилган ва иш кўриб чиқиш учун судга юборилган.
Ҳозирча воқеа айнан қачон содир бўлгани расман маълум қилинмаган.






