Туркия пойтахти Анқара шаҳрида эркак ўзининг 3 ёшли қизини гаровга олиб, уни деразадан ташлаб юбориш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда “Milliyet” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, воқеа жорий йилнинг 5 июнь куни Этимесгут туманидаги Пиёда маҳалласи, 2022-кўчада жойлашган уйлардан бирида содир бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, хотини билан жанжаллашиб қолган эркак 3 ёшли қизини пичоқ билан гаровга олган. Унинг қўлида пичоқ билан болани ушлаб турганини кўрган атрофдагилар 112 тезкор чақирув хизматига мурожаат қилган.
Шундан сўнг воқеа жойига полиция, ўт ўчириш хизмати ва тез тиббий ёрдам гуруҳлари жалб қилинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари гумонланувчини қизини қўйиб юборишга кўндиришга уринган, аммо бу самара бермаган.
Шундан кейин махсус операция кучлари томонидан ўтказилган тадбир давомида эркак зарарсизлантирилган. Қизалоқ қутқарилиб, шифокорлар назоратига топширилган. Гумонланувчи эса шифохонага олиб кетилган.
Полиция баёнотида қайд этилишича, тезкор ҳаракатлар натижасида боланинг ҳаёти сақлаб қолинган. Шунингдек, операция давомида хизмат итларидан бири яраланган бўлиб, ҳозирда уни даволаш чоралари кўрилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






