Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган ҳусийлар 8 июнь куни Исроил ҳудудига ракета учирганини маълум қилди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.
Қайд этилишича, бу ҳусийларнинг жорий йил апрель ойи бошидан буён Исроилга қарши амалга оширган биринчи ракета ҳужуми ҳисобланади.
Ҳусийлар қуролли кучлари тарқатган баёнотда Қизил денгизда Исроил кемалари ҳаракатланишига тўлиқ тақиқ жорий этилгани ҳам маълум қилинган.
“Қизил денгизда Исроил денгиз навигациясини тўлиқ ва мутлақо тақиқлаймиз”, дейилади баёнотда.
The Jerusalem Post нашрининг ёзишича, ракета ҳужуми оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Ҳусийлар ҳаракати матбуот котиби Яҳё Сариянинг айтишича, энди Қизил денгизда аниқланган ҳар қандай Исроил нишони ҳужум объекти сифатида баҳоланади.
“Вазиятнинг кескинлашишига муносиб жавоб қайтарилади ва ҳаракатларимиз воқеалар ривожига қараб кенгайиб боради”, деган у.
Яҳё Сария ракета зарбалари “фронтлар бирлиги” тамойили асосида ҳамда Исроилнинг Ливан, Эрон ва Ғазодаги ҳаракатларига жавоб сифатида амалга оширилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар Яффа ҳудудидаги нишонларга қаратилган.
8 июнь куни эрталаб Исроилнинг бир қатор ҳудудларида ҳаво ҳужуми хавфи ҳақида огоҳлантириш сигналлари янгради. Бу ҳолат Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинликнинг навбатдаги босқичи фонида юз бермоқда.
Аввалроқ Эрон Исроилга ракета зарбалари берганини маълум қилган, Теҳрон бу ҳаракатни Исроилнинг Ливандаги ҳужумларига жавоб сифатида изоҳлаган эди. Кейинчалик Исроил Эроннинг айрим нефть-кимё объектларига ҳаво зарбалари бергани ҳақида хабарлар тарқалган.






