Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиларига 2026 йилги Жаҳон чемпионатидаги иштирок учун бериладиган бонус ва қўшимча тўловлар ҳозирча муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Россиянинг "Ведомости" нашри хабар берди.
Нашр Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида тайёрлаган мақоласида мамлакат тарихида илк бор мундиалга чиққан жамоанинг тайёргарлиги, мухлислар сафари ва молиявий масалаларга тўхталган.
Унда қайд этилишича, футболчилар учун мукофот пуллари масаласи ҳали якуний ҳал этилмаган.
"Ўйинчилар учун бонуслар ва бошқа қўшимча тўловлар ҳозир муҳокама қилинмоқда. Бу ҳал қилинадиган масала. Айни пайтда асосий эътибор футболчиларни қулай шароитлар билан таъминлаш ва уларнинг ўйинларга энг кам куч сарфлаб етиб боришига қаратилган", — деган Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакили нашрга.
Шунингдек, Ўзбекистон футбол ассоциацияси АҚШдаги ўйинларда маҳаллий ўзбек диаспораси қўллаб-қувватлашига умид қилаётганини билдирган. Ассоциацияга кўра, логистика мураккаблиги ва сафар харажатлари юқорилиги сабабли Ўзбекистондан катта мухлислар гуруҳи бориши кутилмаяпти.
Мақолада терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро ҳам тилга олинган. Нашр суҳбатлашган россиялик скаут Николай Егоричевнинг фикрича, италиялик мутахассис мундиал олдидан қулай вазиятда қолмоқда.
"Агар жамоа гуруҳдан чиқа олмаса, бу катта танқидларга сабаб бўлмайди. Агар яхши натижа қайд этса, Каннаваро Ўзбекистонга қаҳрамон сифатида қайтиши мумкин", — деган у.






