Қримда Москва–Симферопол йўналишида ҳаракатланган йўловчи поезди дрон ҳужумига учради. Ҳодиса оқибатида машинист ёрдамчиси ҳалок бўлган, машинист эса жароҳат олган. Бу ҳақда Meduza нашри хабар берди.
Қрим раҳбари Сергей Аксёновнинг маълум қилишича, ҳодиса вақтида поезддаги йўловчилар орасида жабрланганлар бўлмаган. Шундан сўнг яриморол ҳудудидаги поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган ва йўловчилар эвакуация қилинган.
Grand Service Express компанияси Қрим бўйлаб режалаштирилган бир қатор йўловчи поездлари қатнови тўхтатилганини маълум қилди. Хусусан, Москва–Симферопол ҳамда Санкт-Петербург–Симферопол йўналишидаги поездлар йўловчилари автобусларда манзилга етказилган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, Қримни Россиянинг материк қисми билан боғлаб турувчи асосий темирйўл йўли Керч кўприги орқали ўтади. Айни пайтда йўловчилар кўприккача автобусларда ташилмоқда.
Шунингдек, Россиянинг Курск вилоятида ҳам дрон ҳужуми қайд этилган. Ҳудуд маъмурияти маълумотларига кўра, далада иш олиб бораётган икки нафар трактор ҳайдовчиси ҳалок бўлган.
Россия Мудофаа вазирлиги эса 7 июнь кечасидан 8 июнь тонгига қадар Россия ҳудудлари ва Қрим осмонида 310 та дрон уриб туширилганини маълум қилган.






