Тақдимотда суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни барвақт аниқлаш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ходимлар фаолияти устидан ички назоратни кучайтиришга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.
Хусусан, Олий суд таркибида Комплаенс назорати хизматини ташкил этиш таклиф қилинди. Мазкур тузилма тўғридан-тўғри Олий суд раисига бўйсуниши, ҳудудий судларда эса комплаенс инспекторлари фаолият юритиши режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, хизмат коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш, уларнинг олдини олиш, қонунчилик ва касб этикаси талабларига риоя қилинишини мониторинг қилиш билан шуғулланади.
Шунингдек, судлар аппаратида хавфи юқори бўлган лавозимлар рўйхатини шакллантириш, хавф даражаси юқори жараёнларни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини қисқартириш чоралари кўзда тутилган.
Тақдимотда судьялар учун манфаатлар тўқнашуви, даромад ва мол-мулк декларацияларини тақдим этиш ҳамда таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимини жорий этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бундай тизим суд аппарати ходимлари учун ҳам татбиқ этилади.
Бундан ташқари, коррупция ва шубҳали схемалар билан боғлиқ хавфларни аниқлашга қаратилган электрон ахборот тизимларини ишга тушириш, коррупция ҳақида хабар берган ходимларни ҳимоя қилиш ва фуқаролар учун хавфсиз мурожаат каналларини яратиш режалаштирилган.
Маълум қилинишича, 2026 йил якунига қадар суд тизимида коррупцияга қарши барқарорлик бўйича диагностика ўтказилади. Судьяликка номзодларни танлаш жараёнида уларнинг коррупцияга қарши барқарорлиги ҳам баҳоланади.
Шу билан бирга, суд ишларини автоматик тақсимлаш тизими такомиллаштирилиб, ишларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш мезонлари аниқ белгилаб қўйилади.
Тақдимотда суд аппарати ходимлари учун ихтисослаштирилган хизмат кийимини жорий этиш таклифи ҳам кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев суд тизимида шаффофлик, ҳалоллик ва адолат муҳитини мустаҳкамлаш фуқароларнинг судларга бўлган ишончини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.






