Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи аёл ўз васийлигида бўлган 7 нафар вояга етмаган неварасига нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб келгани аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда 7 нафар боланинг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги видеохабар тарқалганидан сўнг ҳолат Болалар омбудсманининг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган.
Ўрганишлар давомида Самарқанд шаҳрида яшовчи 61 ёшли Б.М. ўз васийлигида бўлган 7 нафар вояга етмаган болага мунтазам равишда жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказиб келгани маълум бўлган.
Болалар омбудсманининг Ички ишлар вазирлигига юборган сўровига асосан, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳимоя ордери расмийлаштирилган.
Шунингдек, минтақавий вакилнинг саъй-ҳаракатлари билан фуқаро Б.М.нинг болаларга нисбатан васийлиги бекор қилиниб, улар оилавий болалар уйига жойлаштирилган.






