Покистон Афғонистоннинг уч вилоятига ҳаво зарбалари берди. Ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти болалардир. Бу ҳақда Афғонистондаги муваққат ҳукумат матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
Унинг билдиришича, 10 июнга ўтар кечаси Покистон ҳарбий-ҳаво кучлари Афғонистон ҳаво ҳудудини бузиб кириб, Кунар, Хўст ва Пактика вилоятларидаги тинч аҳоли яшайдиган уйларга зарба берган.
"Ўтган кеча Покистон армияси Афғонистон ҳаво ҳудудини яна бир бор бузиб ўтиб, Кунар, Хўст ва Пактика вилоятларидаги тинч аҳоли уйларини бомбардимон қилди. Ҳужумлар оқибатида 11 нафар бола, бир нафар аёл ва бир нафар кекса эркак ҳалок бўлди. Шунингдек, 14 нафар аёл ва бола турли даражада жароҳат олди. Биз ушбу инсониятга қарши жиноят ва тажовузкорлик ҳаракатини қатъий қоралаймиз", деди Мужоҳид ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Маълумот учун, Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар 2025 йил октябрь ойида кескинлашган эди. Ўша пайтда икки томон ўзаро зарбалар алмашган, кейинчалик Қатар ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилган.
Бироқ бу келишув узоқ давом этмади. Жорий йил февраль ойида Афғонистон Покистон томонидан амалга оширилган ҳаво ҳужумларига жавоб сифатида Дюранд чизиғи бўйлаб кенг кўламли ҳарбий операция бошлаганини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Афғонистоннинг ғарбида жойлашган Ҳирот вилоятида юз берган қуролли тўқнашув оқибатида 12 киши ҳалок бўлгани, яна 20 киши жароҳат олгани хабар қилинганди.






