Туркияда Ўзбекистон фуқароси Нигина Сатторованинг қотиллиги юзасидан олиб борилган тергов ишлари якунланди. Давлат қораловчиси марҳуманинг турмуш ўртоғи Умид Сатторовга нисбатан оғирлаштирувчи ҳолатлар билан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланишини сўради. Бу ҳақда Туркиянинг маҳаллий нашрлари хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, айбланувчига қотилликни содир этишда ёрдам берганликда гумон қилинаётган иккинчи шахс — Ўринбой Ботирбековга нисбатан эса 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўллаш талаб қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 17 август куни Истанбул шаҳрининг Умрания туманида 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Нигина Сатторова турмуш ўртоғи Умид Сатторов томонидан пичоқлаб ўлдирилган эди.
Тергов материалларига кўра, Самарқанд вилоятилик Нигина Сатторова Истанбулда вақтинчалик меҳнат фаолияти билан шуғулланиб келган. Фожиа эр-хотин ўртасида рашк сабаб юзага келган жанжал ортидан содир бўлган.
Қотилликдан сўнг Истанбул полицияси томонидан бошланган қидирув тадбирлари натижасида Умид Сатторов воқеадан бир кун ўтиб, 18 август куни Умрания туманида қўлга олинган. Шунингдек, уни яширишга ёрдам берганликда гумон қилинган Жиззах вилоятилик Ўринбой Ботирбеков ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланган.
Тергов ҳаракатлари якунлангач, 2025 йил 19 август куни суд қарори билан ҳар икки гумонланувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган.
Айни пайтда мазкур жиноят иши бўйича суд жараёнларини ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.






