Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш ҳажмини ошириш имкониятига эга ва бундай ҳамкорликка тайёр. Бу ҳақда мамлакат Энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон ҳудуди орқали қўшимча ҳажмдаги табиий газни ташиш учун зарур инфратузилма имкониятлари мавжуд.
“Бизда бундай имконият бор. Барчаси транспорт инфратузилмасининг имкониятларига боғлиқ. Қозоғистон томони бунга тайёр. Ҳозир, билишимча, Россия томони Ўзбекистон билан алоҳида музокаралар олиб бормоқда. Биз транзит давлат сифатида газ етказиб берилишини таъминлашга тайёрмиз”, деган Аккенженов.
Вазирнинг таъкидлашича, келгусида Россия газининг Ўзбекистонга етказиб берилиш ҳажмини йилига 11 миллиард куб метргача ошириш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми доирасида Москва Қозоғистон ва Ўзбекистон билан газ инфратузилмасини кенгайтириш ҳамда қўшимча ҳажмда газ етказиб бериш бўйича музокараларни давом эттираётганини билдирган эди.





