Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб, бошқа ҳаракат иштирокчилари ҳаётига хавф туғдирган Cobalt русумли автомобиль ҳайдовчисига нисбатан табелли қурол қўлланилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум қилинишича, кеча, 11 июнь куни соат 21:34 лар атрофида 1982 йилда туғилган Р.Й. исмли фуқаро ўз бошқарувидаги Cobalt автомобилида Яккасарой тумани ҳудудидаги Шота Руставели кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган ва бошқа фуқаролар ҳаётини хавф остига қўйган.
Қайд этилишича, ҳайдовчи ички ишлар органлари ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаган ва ҳаракатни давом эттирган. Шунингдек, у бир нечта транспорт воситасига урилган ҳолда уларга техник шикаст етказган.
Тезкор чоралар давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бошқа фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилишининг олдини олиш мақсадида табелли қуролдан фойдаланган. Аввал ҳайдовчи огоҳлантирилган, шундан сўнг автомобиль ғилдирагига ўқ узилган.
Натижада транспорт воситаси тўхтатилиб, ҳайдовчининг кейинги хавфли ҳаракатларига чек қўйилган.
Билдирилишича, мазкур фуқаро руҳий-асаб касалликлари шифохонасида рўйхатда туради.






