Ўзбекистоннинг қатор тоғолди ва тоғли ҳудудларида 13–15 июнь кунлари сел-сув тошқинлари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет огоҳлантириш билан чиқди.
Маълум қилинишича, кутилаётган ёмғирлар сабабли Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Навоий, Жиззах, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларининг айрим туманларида сел келиши хавфи сақланиб қолмоқда.
Хусусан, сел-сув тошқинлари тоғ сойлари ва кичик дарёларда сув сарфининг кескин ортиши, шунингдек, тоғ ёнбағирларида сел оқимларининг шаклланишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан тоғолди ва тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда мазкур ҳудудлар орқали ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларини кўриш сўралди.
Шунингдек, республика бўйича айрим ҳудудларда кучли ёмғирлар натижасида ёмғир сувлари тўпланиши ва паст жойларни сув босиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Мутасаддилар аҳолини ҳаво маълумотларини кузатиб бориш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.






