Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида 34 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида махсус операция ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида пойтахтдаги “Қўйлиқ” бозори яқинида шубҳали тарзда тўхтаб турган Lacetti русумли автомобил кўздан кечирилган.
Аниқланишича, транспорт воситасини Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида яшовчи, муқаддам судланган 1968 йилда туғилган шахс бошқариб келган. Автомобилда, шунингдек, 1984 йилда Денов шаҳрида туғилган ва ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи фуқаро ҳам бўлган.
Текширув жараёнида автомашина салонидаги пластик идиш ичига яширилган 30 та ўрамда жами 34 килограмм 610 грамм оғир турдаги гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланган. Улардан 12 килограмм 960 грамми опий, 21 килограмм 650 грамми эса гашиш экани маълум бўлган.
Мазкур моддалар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу турдаги гиёҳвандлик воситалари мамлакат ҳудудига чет элдан контрабанда йўли орқали олиб кирилган.
Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Тергов ҳаракатлари доирасида гумонланувчиларнинг эҳтимолий жиноий шерикларини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.






