Андижон вилояти Марҳамат туманида жойлашган тиббиёт бирлашмаси ҳудудида 4 нафар ходим қудуқдаги газдан заҳарланиб ҳалок бўлгани билан боғлиқ ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса жорий йил 10 июнь куни туш вақтида Марҳамат тумани марказий поликлиникаси ҳудудида содир бўлган. Техник ходимлардан бири насос моторини созлаш мақсадида хавфсизлик қоидаларига амал қилмаган ҳолда қудуққа тушган. Бироқ бундай қудуқлар ичида инсон ҳаёти учун хавфли бўлган заҳарли ва зарарли газлар тўпланиши мумкинлиги таъкидланган.
Биринчи ходимга ёрдам бериш мақсадида унинг ортидан яна уч нафар техник ходим ҳам қудуққа тушган ва оқибатда уларнинг барчаси заҳарли газдан заҳарланиб ҳалок бўлган.
Маълумотга кўра, ҳодиса ҳақида хабар келиб тушиши биланоқ Марҳамат тумани ФВБ раҳбари бошчилигида қутқарувчилар гуруҳи тезкорлик билан воқеа жойига етиб борган.
Туман ФВБ раҳбарининг сўзларига кўра, қудуққа тушган шахсларнинг ҳеч бири қутқарувчилар етиб келган вақтда ҳаёт аломатларини кўрсатмаган. Бу ҳолатни тасдиқловчи видеотасвирлар ҳам мавжуд.
Жасадларни қудуқдан олиб чиқиш учун Андижон вилояти ФВБнинг радиацион-кимёвий муҳофазага ихтисослашган махсус бўлинмалари жалб этилган.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда қутқарувчилар воқеа жойига етиб келганида жабрланганлар ҳали тирик бўлгани ва уларга ёрдам кўрсатилмагани ҳақидаги иддаолар рад этилди.
Вазирлик баёнотида таъкидланишича, қутқарувчилар ҳар куни ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун хизмат қилади ва бу йўлда кўплаб мисоллар ҳам мавжуд.






