Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши курашиш ва жамиятни мазкур таҳдиддан ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун имзоланганини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, гиёҳвандлик моддалари инсон ҳаёти, оилалар ва болалар саломатлигини издан чиқаради ҳамда мамлакат генофонди ва келажагига бевосита таҳдид солади.
“Президент гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши муросасиз курашиш ва жамиятни ушбу таҳдиддан ҳимоя қилишга қаратилган қонунни имзолади. Янги қонунда наркотикларни тарқатишнинг замонавий усулларини жиловлаш, бундай жиноятлар учун жавобгарликни кучайтириш ҳамда вояга етмаганларни ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилган”, деб ёзди Мирзиёева.
Шунингдек, у мазкур масалани шахсан ўз назоратига олганини билдириб, гиёҳвандликка қарши курашда жамиятнинг ҳар бир аъзоси фаол бўлиши лозимлигини қайд этди.
“Бу курашда четда томошабин бўлиб туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жуда кўп нарса ўзимизга — ота-оналарга, мактаб ва маҳаллаларга, шунингдек, атрофида содир бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмаган ҳар бир инсонга боғлиқ”, деди у.
Маълумот учун, кейинги йилларда Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш, айниқса, уларнинг интернет орқали тарқатилишига чек қўйиш бўйича қонунчилик базаси босқичма-босқич такомиллаштириб келинмоқда.






