Навоий вилоятида уч кишининг ўлимига сабаб бўлган йўл-транспорт ҳодисаси бўйича суд ҳукми ўқилди. Darakchi.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 5 январь куни тонг соатларида “Зарафшон – Навоий” йўналишида ҳаракатланаётган автобус А-379 “Навоий – Учқудуқ” автомобиль йўлининг 167–168-километрлари оралиғида йўл-транспорт ҳодисасига учраган. 1986 йилда туғилган ҳайдовчи Х.Ш. бошқарувидаги автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.
Оқибатда уч нафар йўловчи, жумладан бир нафар вояга етмаган шахс воқеа жойида ҳалок бўлган. Яна 21 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳатлари олган.
Судда сўз олган ҳайдовчи ўз айбига иқрор бўлиб, ҳодиса сув ичиш вақтида чалғиб қолгани сабабли юз берганини айтган.
Унинг кўрсатмасига кўра, автобусни соатига тахминан 70 километр тезликда бошқариб кетаётган вақтда сув идишининг қопқоғини қидириш учун пастга эгилган. Шу пайт рулни беихтиёр ўнг томонга буриб юборган. Транспорт воситаси йўлдан чиқиб кетмаслиги учун рулни чап томонга бурган бўлса-да, бошқарувни тиклай олмаган ва автобус ағдарилиб кетган.
Томди туман судининг 11 июнь кунги ҳукми билан ҳайдовчи Жиноят кодексининг 266-моддаси учинчи қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд унга уч йил муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Жазо манзил-колонияда ўталиши белгиланди.
Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, ҳайдовчидан автобус эгаси бўлган масъулияти чекланган жамият фойдасига 147 миллион сўм миқдорида моддий зарар ундирилиши белгиланган.






