Тошкент шаҳрида ички ишлар органлари тизимида фаолият юритувчи мансабдор шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлигининг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ва Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, Шайхонтоҳур тумани ИИБ ФМБ Терговга қадар текширув ва жиноят қидирув бўлими бошлиғи ўзининг мансабдор танишлари орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан қўзғатилган жиноят ишини ижобий ҳал қилиш эвазига 7 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Шунингдек, у тадбиркорга тегишли ресторанда содир бўлган ёнғин оқибатида муассаса ходимининг куйиш жароҳати олгани юзасидан қўзғатилган жиноят ишини тугатиб бериш учун яна 500 АҚШ доллари сўраган. Шу тариқа, мансабдор шахс жами 7,5 минг АҚШ доллари талаб қилгани айтилмоқда.
Тезкор тадбир давомида у олдиндан келишилган пул маблағининг 2,5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни коррупция ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беришга чақирди.






