Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШнинг “Air Products” компанияси бош ижрочи директори Эдуардо Менезесни қабул қилди.
Учрашувда мамлакатда юқори технологияли саноат корхоналарини барпо этишга фаол инвестиция киритаётган компания билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Маълумот учун, “Air Products” саноат газларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳасидаги жаҳон етакчиларидан бири ҳисобланади. Компаниянинг бозор капиталлашуви 60 миллиард доллардан ошади. У ҳар йили 50 дан ортиқ мамлакатда 200 миллион тонна саноат гази ишлаб чиқаради ҳамда қарийб 750 та ишлаб чиқариш объектини бошқаради.
Ҳозирги кунда компаниянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари умумий ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. Хусусан, “GTL Uzbekistan” заводида саноат газларини қайта ишлаш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида водород ишлаб чиқариш, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида эса суюқ углерод диоксиди ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар амалга оширилган. Шунингдек, Тошкент ва Қарши шаҳарларида таълим дастурлари йўлга қўйилган.
Музокаралар якунида компания иштирокидаги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш ҳамда бу борадаги ҳамкорликни “йўл харитаси” асосида мувофиқлаштириш юзасидан келишувга эришилди.






