АсосийЖАМИЯТ

Мирзиёев Беларусь Бош вазирини қабул қилди

Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Бош вазири Александр Турчинни қабул қилди.

'Мирзиёев Беларусь Бош вазирини қабул қилди'ning rasmi

Учрашув аввалида Беларусь ҳукумати раҳбари давлат раҳбарига Президент Александр Лукашенконинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, шунингдек, бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар жорий йил май ойида Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши якунларини юқори баҳолади. Қайд этилишича, мазкур учрашув икки мамлакат ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилган.

Музокаралар давомида савдо-иқтисодий алоқаларда ижобий динамика кузатилаётгани таъкидланди. Жорий йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 32 фоизга ошган.

Айни пайтда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа қатор тармоқларда қўшма кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чораларни амалга ошириш муҳим экани қайд этилди.

    Бошқа янгиликлар