Сурхондарё вилоятида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Афғонистондан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан олиб кирилган 37 килограммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари аниқланиб, уларнинг тарқатилишига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Афғонистондан мамлакат ҳудудига 25 килограмм 444 грамм опий ва 11 килограмм 86 грамм гашиш моддаси олиб кирилгани фош этилган.
Шундан сўнг гиёҳванд моддаларни қабул қилиб олувчи шахсларни аниқлаш мақсадида назорат тадбири ўтказилган. Натижада мазкур юк Самарқанд шаҳрига етказилганидан кейин уни қабул қилиб олиш вақтида икки нафар маҳаллий ва икки нафар хорижий фуқаро қўлга олинган.
Яна бир тезкор тадбирда эса Термиз халқаро савдо марказида икки нафар Афғонистон фуқароси 1 килограмм 76 грамм опий моддасини 5 минг АҚШ долларига сотиш вақтида ушланган.
Тергов давомида улар гиёҳвандлик воситаларини мамлакат ҳудудига яширинча олиб кириш учун ўз танасидан, хусусан ички аъзоларидан фойдалангани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси ва 273-моддаси тегишли қисмлари билан жиноят ишлари қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






