Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Рустамжон Ашурматов жамоадоши, Абдуқодир Ҳусанов келажакда жаҳон футболининг энг нуфузли соврини — "Олтин тўп"ни қўлга киритиши мумкинлигини айтди.
Ашурматов бу ҳақда Россиянинг "Спорт-Экспресс" нашрига берган интервьюсида сўз юритди.
Унинг таъкидлашича, Ҳусановнинг бугунги даражага етиб келгани у учун кутилмаган ҳолат эмас.
"Ҳусановнинг ўсишидан ҳайратланганим йўқ. Чунки мен уни “Бунёдкор” асосий жамоасида ўйнаётган пайтимдан биламан, у эса академияда таҳсил оларди. Ўшанда унинг келажаги бундай бўлишини тасаввур қилмаганман, аммо ҳозирги натижаларига ҳайрон эмасман. Энг муҳими, унинг салоҳияти бундан ҳам юқори. Мен унга Англияда, Европада ва дунёдаги энг яхши футболчилардан бири бўлишини тилайман», деди Ашурматов.
Тажрибали ҳимоячига кўра, Ҳусанов ҳали ўз имкониятларининг тўлиқ чўққисига чиққан эмас ва келажакда янада юқори натижаларга эришиши мумкин. Ашурматов унинг иқтидори ва меҳнатсеварлиги жаҳон футболидаги энг катта ютуқлар учун ҳам етарли эканини таъкидлади.






