Андижон вилояти Шаҳрихон туманида ўсмирлар ўртасидаги жанжалга аралашиб, болага тан жароҳати етказган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Вилоят ИИБ маълумотига кўра, 18 июнь куни тахминан соат 15:30 ларда “Намозгоҳ” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой канали бўйида 2016 йилда туғилган икки нафар бола чўмилиш вақтида ўзаро жанжаллашиб қолган.
Шу пайтда 1988 йилда туғилган ота вазиятга аралашиб, қўшнисининг боласини калтаклаган.
Ҳодиса акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалганидан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан текширув ўтказилган.
Эркак ички ишлар бўлимида ўз қилмишига афсус билдириб, қилган ишидан пушаймон эканини айтган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “д” банди (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи қўлга олиниб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






