АсосийСИËСАТ

Ўзбекистонда хусусий касбий таълим марказлари сони тўрт бараварга оширилади

Президент Шавкат Мирзиёев хусусий касбий таълимни ривожлантиришга қаратилган таклифлар тақдимоти билан танишди.

'Ўзбекистонда хусусий касбий таълим марказлари сони тўрт бараварга оширилади'ning rasmi

Тақдимотда қайд этилишича, келгуси уч йил давомида халқаро стандартлар асосида фаолият юритувчи ўқув ва баҳолаш марказлари сонини 50 тадан 200 тага етказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, хусусий касбий таълим орқали ҳар йили 500 минг нафар аҳолини қамраб олиш мақсад қилинган. Ҳозирда бу кўрсаткич 45 минг нафарни ташкил этади.

Мазкур мақсадларга эришиш учун 300 дан ортиқ ўқув дастурлари қайта кўриб чиқилиб, халқаро талабларга мослаштирилади. Камида 1 минг нафар ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими устасининг малакаси оширилади. Ушбу жараёнларни молиялаштириш учун Бандлик жамғармасидан 500 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Тақдимотда тадбиркорлар томонидан билдирилган таклифлар ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, хусусий касбий таълим ташкилотлари учун божхона ва солиқ имтиёзлари, имтиёзли кредитлар ҳамда инфратузилма билан боғлиқ қўллаб-қувватлаш чоралари кўриб чиқилди.

Таклифларга кўра, хусусий касбий таълим марказлари учун олиб келинадиган зарур асбоб-ускуналар божхона божидан озод этилади. Шунингдек, хорижий ўқитувчилар ва мутахассислар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгиланиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, соҳа тадбиркорларига икки йиллик имтиёзли давр билан етти йилгача кредитлар ажратилади. Бино қурилиши ва таъмири ҳамда жиҳозлар хариди учун олинган кредитлар бўйича фоиз тўловларининг 7 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.

Хорижий мутахассисларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизи, касбий малакани баҳолаш ускуналари ва дастурий маҳсулотлар харажатларининг 30 фоизи ҳамда миллий ва халқаро сертификатлар олиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи компенсация қилинади.

Шу билан бирга, хусусий касбий таълимни ривожлантириш учун йил охиригача 100 миллион доллар маблағ жалб қилиш, битирувчилар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 5 миллион долларлик Венчур жамғармасини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Президент тақдим этилган чора-тадбирларни маъқуллаб, аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди.

    Бошқа янгиликлар