Тошкент шаҳрининг Миробод туманида қурилиши давом этаётган бинодаги ертўлада аҳволи оғирлашган уч нафар ишчи қутқариб қолинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар қилди.
Маълум қилинишича, кеча, 22 июнь куни соат 18:30 ларда «112» тизими орқали Миробод туманидаги Тарас Шевченко кўчасида жойлашган қурилиш объектида фавқулодда ҳолат юз бергани ҳақида хабар келиб тушган.
Унга кўра, бинодаги икки қаватли пастки ертўлага бўёқлаш ишларини олиб бориш учун тушган уч нафар ишчининг аҳволи бўёқдан чиққан ҳид таъсирида оғирлашган.
Ҳодиса жойига зудлик билан етиб борган Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси қутқарувчилари ишчиларни ертўладан олиб чиқиб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Шундан сўнг жабрланганлар тез тиббий ёрдам ходимларига топширилган.






