Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятининг Давлатобод туманида жойлашган Янги Наманган шаҳри ҳудудида қуриладиган IT-паркнинг тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этди.
Давлат раҳбари тадбирда сўзга чиқиб, Янги Ўзбекистонда рақамлаштириш ва сунъий интеллект технологияларини жадал ривожлантириш, юқори даромадли иш ўринларини кўпайтириш ҳамда замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш давлат сиёсатидаги устувор йўналишлардан бири эканини таъкидлади.
Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён Наманган вилоятига 2 миллиард долларлик хорижий инвестиция жалб қилинган. Шунингдек, Хитой, Туркия, Ҳиндистон ва Россия ҳамкорлигида амалга оширилган қиймати 1 миллиард 800 миллион доллар бўлган 20 та янги лойиҳа ишга туширилмоқда.
Мазкур корхоналар фармацевтика, енгил саноат, электротехника, қурилиш материаллари, озиқ-овқат ва кимё саноати соҳаларида 6,5 мингта янги иш ўрни яратиши кутилмоқда. Шу билан бирга, вилоят иқтисодиётига 3,6 триллион сўмлик қўшимча айланма маблағ, 200 миллион долларлик экспорт ва 400 миллиард сўмлик бюджет тушуми таъминланади.
Президент, шунингдек, Наманганда саноат, туризм, савдо ва уй-жой қурилиши соҳаларида амалга оширилиши режалаштирилган қиймати 4 миллиард доллар бўлган яна 28 та лойиҳага старт берилганини маълум қилди.
Мирзиёев Наманган вилояти аҳолисининг 1 миллион 600 мингдан ортиғини ёшлар ташкил этишини таъкидлаб, уларни ахборот технологиялари ва сунъий интеллект соҳаларига жалб қилиш муҳим вазифа эканини қайд этди.
Президент сўзларига кўра, экспертлар Ўзбекистоннинг сунъий интеллект соҳасидаги салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда. Энди ушбу имкониятларни аниқ лойиҳалар, янги иш ўринлари ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларга айлантириш зарур.
Маълум қилинишича, Хитойлик ҳамкорлар иштирокида умумий қиймати 117 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида Янги Наманган, Самарқанд, Чирчиқ, Нурафшон, Урганч ва Навоий шаҳарларида IT-парклар барпо этилади. Янги Намангандаги мажмуа мазкур дастурнинг биринчи лойиҳаси ҳисобланади.
Лойиҳага мувофиқ, 1,7 гектар майдонда 17 қаватли замонавий бино қурилади. Қарийб 18 минг квадрат метр майдонни эгаллайдиган мажмуада таълим ва экспорт марказлари, коворкинг ва офис майдонлари, стартап акселератори ҳамда хорижий компаниялар учун махсус хизмат кўрсатиш тизими жойлаштирилади.
Келгусида ушбу IT-паркда ўнлаб компания ва стартап студиялар фаолият юритиши, шунингдек, 2 мингга яқин ёшлар юқори даромадли иш ўринлари билан таъминланиши режалаштирилган.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида вилоятда ахборот технологиялари хизматлари ҳажмини йилига 500 миллиард сўмга, экспорт кўрсаткичини эса 30 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.
Тадбир якунида Президент Шавкат Мирзиёев Янги Наманган IT-парки қурилишига рамзий тамал тошини қўйди. Шу ернинг ўзида вилоятдаги қатор янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва қурилиш ишларини бошлаш маросими ҳам ўтказилди.






