Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар вазирлиги ҳамда Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши қаратилган бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Қашқадарё вилояти ҳудудидаги ЙПХ масканида “Қарши – Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган “Cobalt” русумли автомашина тўхтатилиб текширилган. Текширув жараёнида автомобилда йўловчи сифатида кетаётган Андижон вилояти Бўлоқбоши туманида яшовчи, 1966 йилда туғилган фуқарога тегишли қўл сумкаси кўздан кечирилган.
Холислар иштирокида ўтказилган текширув давомида сумка ичида сариқ рангли скотч билан ўралган 5 та бўлакдан иборат, умумий оғирлиги 5 килограмм 32 грамм бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Яна бир ҳолатда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи, 1974 йилда туғилган шахс ўз хонадони томорқасида 33 туп каннабис ўсимлигини етиштириб келаётгани фош этилган. Шунингдек, ушбу манзилдан 7 килограмм 79 грамм марихуана ҳам олинган.
Шунга ўхшаш ҳолат Фарғона вилоятида ҳам қайд этилган. Хусусан, “Андижон – Қўқон” йўналишида ҳаракатланаётган “Lacetti” русумли автомашина Бағдод тумани ҳудудида тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Текширув давомида автомашинада йўловчи сифатида кетаётган Қўқон шаҳрида яшовчи 2001 ва 1982 йилларда туғилган фуқароларга тегишли қоплар ичида 1200 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаси борлиги аниқланган.
Маълум қилинишича, айни вақтда улар билан кетма-кет ҳаракатланаётган “Spark” русумли автомашинадаги 1986 йилда туғилган шахс ҳам қўлга олинган. Тезкор тадбирлар давомида мазкур жиноятга алоқадор бўлган яна икки нафар — 1998 ва 1980 йилларда туғилган фуқаро ушланиб, улардан жами 345 дона “Тропикамид” ҳамда 15 дона “Регапен” дори воситалари олинган.
Терговга қадар текширув жараёнида ушбу шахслар кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғизистондан айланма йўллар орқали олиб кириб, сотиш билан шуғуллангани аниқланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. ДХХ фуқароларни гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолатларга дуч келган тақдирда, идоранг 1520 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирган. Шахсга доир маълумотлар сир сақланиши кафолатланиши билдирилган.






