Бугун, 24 июнь куни Андижон шаҳрининг 2026 йилда “Туркий дунёнинг маданият пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан халқаро тадбирлар очилиш маросими бўлиб ўтди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчиларига табрик йўллади.
Давлат раҳбари ўз мурожаатида Андижон шаҳрининг мазкур мақомга муносиб кўрилганини Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданий-маънавий мероси ва туркий цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссасининг халқаро миқёсдаги эътирофи сифатида баҳолади.
Президент табригида Андижон асрлар давомида маданият, адабиёт, санъат ва ҳунармандчилик марказларидан бири бўлиб келганини таъкидлади. Қайд этилишича, ушбу заминдан Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулҳамид Чўлпон каби буюк давлат арбоблари ва ижодкорлар етишиб чиққан.
Шунингдек, миллий маданиятнинг ажралмас қисмига айланган “Андижон полкаси” рақси ҳамда аския санъати нафақат Ўзбекистон, балки бутун туркий оламнинг умумий маънавий бойлиги сифатида эътироф этилди.
Мурожаатда Ўзбекистон ва Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида қайд этилди. Хусусан, туркий халқларнинг энг сара адабий меросини жамлаган 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари” тўпламининг нашр этилгани, жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳридаги Ислом цивилизацияси марказида ТУРКСОЙ ваколатхонаси очилгани эслатиб ўтилди.
Президентнинг таъкидлашича, “Андижон — Туркий дунёнинг маданият пойтахти” лойиҳаси доирасида бир йил давомида ўтказиладиган фестиваллар, илмий анжуманлар, ижодий учрашувлар ва маданий тадбирлар қардош халқлар ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Сўз якунида давлат раҳбари тадбир иштирокчиларини яна бир бор қутлаб, уларга мустаҳкам соғлиқ ва келгуси фаолиятида муваффақият тилади ҳамда меҳмонларни “Ўзбекистон дурдонаси, олтин водий гавҳари” деб таърифланган Андижон шаҳрига хуш келибсизлар, дея қарши олди.






