Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоев педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирилди. Бу ҳақда Давлат меҳнат инспекцияси маълум қилди.
Аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокимининг олий таълим муассасалари ректорлари билан ўтказган учрашувида ўқитувчиларни кўчаларни назорат қилиш ва уларнинг ободлиги учун масъул этиб белгилаш ҳақидаги топшириғи акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Мазкур ҳолат жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Давлат меҳнат инспекцияси билдиришича, амалдаги қонунчиликка кўра, педагог ходимларни уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий тарзда жалб этиш тақиқланган. Агар мазкур ташаббус амалиётга татбиқ этилса ва педагоглар ўз вазифаларига дахлдор бўлмаган ишларга жалб қилинса, бу мажбурий меҳнат ҳолатларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
"Шу муносабат билан Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш қонунчиликка зид экани ҳамда бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгилангани юзасидан огоҳлантириш юборилди", дейилади инспекция муносабатида.
Қайд этилишича, ҳар қандай ташаббусни амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя қилиниши, шунингдек, педагогларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари таъминланиши шарт.
Маълумот учун, "Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ҳамда уларни ўз вазифаларига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш тақиқланади.
Хусусан, педагогларни ободонлаштириш ишлари, қишлоқ хўжалиги ишлари ва касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган бошқа вазифаларга жалб этишга йўл қўйилмайди. Шунингдек, уларни таълим билан қамраб олинмаган ёки профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар бўйича ҳисоб юритиш каби ишларга жалб қилиш ҳам тақиқланган.
Қонунчиликка кўра, сайловлар, тест синовлари, аҳолини рўйхатга олиш ҳамда бошқа ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларга педагоглар фақат ўз розилиги билан, тегишли шартнома асосида ва қўшимча ҳақ тўланган ёки ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда жалб қилиниши мумкин.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига мувофиқ, педагогларни касбий фаолиятига алоқадор бўлмаган ишларга жалб этиш, уларни меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш ёки уларнинг касбий фаолиятига ноқонуний аралашиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур ҳуқуқбузарликни содир этган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши мумкин.






