АсосийЖАМИЯТ

АҚШ хорижликларга сиёсий бошпана беришни амалда тўхтатмоқчи

25 июнь куни Олий суд мазкур масала юзасидан 6 тага қарши 3 овоз билан Трамп маъмурияти фойдасига қарор қабул қилган.

'АҚШ хорижликларга сиёсий бошпана беришни амалда тўхтатмоқчи'ning rasmi

АҚШ Олий суди Президент Дональд Трамп маъмуриятининг Гаити ва Суриядан келган юз минглаб муҳожирларни вақтинчалик ҳуқуқий ҳимоя мақомидан маҳрум этиш бўйича илтимосини қаноатлантирди. Бу ҳақда NBC News хабар берди.

Маълум қилинишича, 25 июнь куни Олий суд мазкур масала юзасидан 6 тага қарши 3 овоз билан Трамп маъмурияти фойдасига қарор қабул қилган. Мазкур қарор тахминан 350 минг нафар Гаити фуқароси ҳамда 6 минг нафар Сурия фуқаросининг вақтинчалик ҳимоя мақомини бекор қилиш жараёнини давом эттириш имконини беради. Натижада улар депортация қилиниши мумкин.

NBC News таъкидлашича, ушбу қарор Трамп маъмуриятининг бошқа давлатлар фуқаролари учун ҳам шунга ўхшаш ҳимоя дастурларини бекор қилиш бўйича ҳаракатларини тезлаштириши мумкин.

ТАСС агентлиги хабарига кўра, суд қарори ортидан Оқ уй аппарати раҳбари ўринбосари Стивен Миллер АҚШ амалда сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилувчи хорижликларни қабул қилишни деярли тўхтатаётганини маълум қилган.

"Шу тариқа, Америка эшиклари сиёсий бошпана изловчилар учун тўлиқ ёпилади. Биз шундай келишувларга эришдикки, агар сиз сиёсий бошпана сўрасангиз, сизни қабул қиладиган бошқа бир давлатни топамиз. Бу жуда оддий, жуда самарали ва тўлиқ ечим", деган Миллер.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШ хорижликларга сиёсий бошпана беришни амалда тўхтатмоқчи - Darakchi.uz