28 июнь — 3 июль кунлари кутилётган ёмғирлар сабабли Ўзбекистоннинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел ва сув тошқини хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет огоҳлантирди.
Маълум қилинишича, хавф қуйидаги ҳудудларда кузатилиши мумкин:
Қашқадарё вилоятида — Яккабоғ, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши ва Ғузор туманлари;
Сурхондарё вилоятида — Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқўрғон ва Музработ туманлари;
Самарқанд вилоятида — Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пайариқ, Жомбой ва Иштихон туманлари;
Навоий вилоятида — Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех ва Кармана туманлари;
Жиззах вилоятида — Зомин, Бахмал, Ғаллаорол, Шароф Рашидов, Фориш ва Янгиобод туманлари;
Тошкент вилоятида — Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пискент, Ўртачирчиқ ва Юқоричирчиқ туманлари, шунингдек, Ангрен ва Олмалиқ шаҳарлари;
Наманган вилоятида — Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган ва Янгиқўрғон туманлари;
Фарғона вилоятида — Сўх, Шоҳимардон, Фарғона ва Бешариқ туманлари;
Андижон вилоятида — Андижон, Асака, Жалолқудуқ, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избоскан, Хўжаобод ва Марҳамат туманлари ҳамда Хонобод шаҳри.
Ўзгидромет тоғ олди ва тоғли ҳудудларда истиқомат қилувчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда ушбу ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчиларни эҳтиёткорлик чораларини кўришга чақирди.
Шунингдек, кучли ёғингарчилик натижасида республиканинг айрим ҳудудларида ёмғир сувлари тўпланиб, пастқам жойларни сув босиши эҳтимоли ҳам мавжудлиги қайд этилди.






