Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган "Катта Чимён" тоғида адашиб қолган икки нафар фуқаро Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари томонидан соғ-саломат қутқарилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 25 июнь куни соат 19:50 да Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига "112" ягона диспетчерлик хизмати орқали икки нафар фуқаро сайр қилиш мақсадида тоғга чиққанидан сўнг йўлдан адашиб, пастга тушолмаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Шундан сўнг Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари зудлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Қисқа вақт ичида адашиб қолган фуқаролар топилиб, хавфсиз ҳудудга олиб чиқилган.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.






