Ўзбекистонда 2027 йилдан бошлаб хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаш ҳуқуқини берувчи тегишли сертификатга эга бўлмаган ходимлар меҳнат қилаётган ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотлари фаолияти тўхтатилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорида белгиланди.
"Ёнилғи қуйиш шохобчалари ва газ тўлдириш иншоотларида авария ҳамда нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш, инсон ҳаётига хавф солувчи омилларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорга мувофиқ, 2027 йил 1 январдан хавфли ишлаб чиқариш объектларида фаолият юритиш ҳуқуқини берувчи сертификат ёки рухсатномага эга бўлмаган мутахассислар ишлаётган объектларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда фаолиятни тўхтатиш чоралари қўлланилади.
Қарорда қайд этилишича, аниқланган камчиликлар бартараф этилган кундан бошлаб мазкур объектлар фаолияти автоматик тарзда қайта тикланади.
Шунингдек, 2027 йил 1 сентябрга қадар махсус ўқув курсларини тамомлаган ва хавфли ишлаб чиқариш объектларида ишлаш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга муҳандис-техник ходимлар фаолиятини назорат қилиш мақсадида "Лицензия" ахборот тизими ҳамда Ягона миллий меҳнат тизими ўзаро интеграция қилинади.
Бу орқали ходимларнинг ишга қабул қилиниши ёки ишдан бўшатилиши ҳақида автоматик сигнал бериш механизми жорий этилади ва ваколатли органлар томонидан доимий мониторинг олиб борилади.
Ҳужжатга мувофиқ, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун "U-Gas" дастуридан фойдаланиш мажбурий талаб этиб белгиланган. Мазкур дастурдаги маълумотлар табиий газ савдоси соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши юзасидан расмий маълумот сифатида эътироф этилади ҳамда назорат органлари томонидан маъмурий таъсир чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Шунингдек, табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида газ тарқатиш ускуналари орқали сотилган газ ҳажми ҳисоблагич орқали қабул қилинган газ ҳажмидан ортиқ бўлган ҳолатларда, технологик йўқотишлар инобатга олинган ҳолда ҳақиқий сотилган газ миқдори бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилади.






