Ўзбекистонда 16 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонун билан чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши мумкин. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова маълум қилди, дея хабар бермоқда Gazeta.uz.
Вазирнинг айтишича, ушбу ташаббус юзасидан парламент депутатлари ва сенаторлар билан дастлабки муҳокамалар ўтказилган. Ҳозирда қонун лойиҳасини тайёрлаш ва уни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш режалаштирилмоқда.
"Биз ҳам ҳозир ушбу масалани ўйлаяпмиз. Бу бўйича депутатлар ва сенаторлар билан ҳам гаплашдик. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига қўймоқчимиз. Бу тартиб бизда ҳам бўлиши керак, деб ўйлайман", — деди вазир.
Шунингдек, Эъзозхон Каримова болаларни телефондан бутунлай маҳрум қилишнинг имкони йўқлигини, бироқ ундан фойдаланиш маданияти ва меъёрини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.
Унинг такидлашича, мактабларга телефон олиб кириш бўйича тегишли қоидалар мавжуд бўлса-да, айрим таълим муассасаларида ушбу талаблар тўлиқ амалга оширилмаяпти.
Шу боис, мавжуд тартибларни кучайтириш ҳамда 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини қонун даражасида тартибга солиш масаласи кўриб чиқилмоқда.






